«Оқтепа лаваш» фаолияти тўхтатилиши мумкинлиги айтилмоқда

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг Экологик назорат бўйича инспекцияси томонидан «Оқтепа лаваш»нинг фаолияти вақтинчаликка тўхтатиб қўйилиши мумкин.

«Оқтепа лаваш» оммавий овқатланиш шохобчаси Ўзбекистон «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 15, 24, 25, 41-моддаларини бузган. Ушбу моддаларда экологик нормативларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, давлат экология экспертизаси ва унинг объектлари ҳамда корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкциялаш, улардан фойдаланиш ва уларни тугатишга доир экология талаблари келтирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуннинг 11, 13, 21-моддалари талабларини қўпол равишда бузгани сабабли Давлат экологик экспертиза хулосасини олгунга қадар вақтинчалик фаолиятини тўхтатиш бўйича Тошкент шаҳар Туманлараро Иқтисодий Судига даъво аризаси киритилган. 11, 13-моддалар давлат экологик экспертизаси объектлари, давлат экологик экспертизасини ўтказишнинг мажбурийлиги ҳақида бўлса, 21-модда давлат экологик экспертизаси хулосасини ижро этишнинг мажбурийлиги бўйича қонунни билдиради.

Қайд этиш керак, ушбу хабар Тошкент шаҳар Экология бошқармаси матбуот хизмати томонидан эълон қилинди, аммо бир неча соатларда ўчириб юборилди.