Ижтимоий тармоқда Gentra ҳайдовчиси ИИО ходимларининг талабига бўйсунмай ҳаракатланиб кетгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 26 декабрь куни 12:45 ларда Денов тумани Ш.Рашидов кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сафдор Дилшоджон Хайитмуродов ҳудудда ўрнатилган 3.27 йўл белгиси таъсир доирасида тўхтаб турган Gentra ҳайдовчисига қоидабузарлигини тушунтириб, меъёрий ҳужжатларини тақдим этишини сўраган.
Аммо, 16 ёшли ҳайдовчи А.Ш. ҳужжатлари йўқлигини ва отаси келиб тақдим этишини маълум қилиб, шу заҳоти ҳаракатланиб кетишга уринган.
Олиб борилган тезкор чоралар натижасида, транспорт воситаси тўхтатилиб, ҳайдовчиси туман Денов тумани ИИБ га олиб бориб борилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.