Атрофда авж олган сотқинлик, ҳасадгўйлик, мансаб ва ҳокимият учун ҳеч кимни аямайдиган кўрнамак ва иккиюзламачи кимсалар, адолатсиз сиёсат ҳар қандай метин иродали шахсларни ҳам издан чиқарган бир шароитда бу инсон қандай қилиб ўзлигини сақлаб қолди? Нима учун у Кремлнинг биринчи ишорасиданоқ вазифасидан озод этиш тўғрисида ариза ёзмаган? Унинг давлат бошқарувидаги ҳалол виждон ва катта журъати сири нимада?..
Бу саволларга таниқли журналист, моҳир таржимон, истеъдодли ёзувчи Жалолиддин Сафоевнинг яқинда “Баёз” нашриётида чоп этилган “Шароф Рашидов. Сиз билмаган 11 ҳақиқат” номли китобидан жавоб топиш мумкин.
Ушбу нашрда муаллиф Шароф Рашидов феноменига бутунлай бошқача позициядан ёндашади.
Сиёсий арбобнинг миллат тақдирида тутган ўрни, улар ҳаётидаги мураккаб қарама-қаршиликлар, фаолиятининг хавф-хатарга тўлиқлиги айрим мисоллар орқали алоҳида-алоҳида очиб берилади. Шароф Рашидов даҳосининг салоҳияти, чин сиёсатчи сифатидаги фазилатлари ўз даврининг энг забардаст арбоблари тилидан аниқ манбалар орқали қаламга олинади.
…1965-1985 йилларда собиқ Иттифоқ Министрлар совети раисининг ўринбосари – Давлат режа қўмитаси раиси сифатида ишлаган Николай Байбаков кейинчалик ишдан кетгач, ёзган мемуарларида махсус ва бирламчи иқтисодий билим ва касб эгаси бўлмай туриб, иқтисодий соҳада бирор кун ҳам раҳбар бўлиб ишламаган Шароф Рашидовни СССРдек қудратли давлатда халқ хўжалигининг бошқарувини профессионал даражада кўтарилиши сабабларини эътироф этган.
Яна бир ҳикояда — 1974-1978 йилларда Ўзбекистон давлат хавфсизлик қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган Эдуард Нордман ўз қўлланмасида эса, у кетгач ўрнига келган, Шароф Рашидовдан катта илтифот ва ёрдам олган киши кейинчалик, ҳалол ва виждонли ўзбек халқи учун жуда катта фожиалар бошида асосий куч сифатида тургани ҳақида баён этади.
Қаттол тузумга ва машъум салтанатга бошчилик қилган Андропов ва Рашидов ўртасидаги қалтис муносабатлар, Ўзбекистоннинг баобрў етакчисини руҳан ва маънан синдиришга қилинган уринишлар, Кремлнинг Ўзбекистонга нисбатан қўллаган сиёсий прессинглари китобда атрофлича очиб берилган.
“…Биргина Рашидов тақдири мисолида собиқ Иттифоқнинг манфур сиёсатига, шунчаки бир қур назар солган одам – дарров бу тузумнинг адолатдан бехабар башарасини яққол кўради. Шароф Рашидовнинг энг катта хизмати эса қарийб чорак аср Ўзбекистон ва ўзбек халқини кўксини қалқон қилиб қатағондан асраганидадир!”
Муаллиф 1983 йилда бошланган тало-тўплар ва ҳокимиятдаги қирғинлар сабаблари ҳақида мушоҳада қилар экан, Москва томонидан ташкил этилган 60-йиллар охирида Озарбайжондаги, 70-йиллар бошида Грузиядаги бундай операциялар халқнинг жипслиги ва қатъияти туфайли аланга олмасдан ҳовури пасайганини эслаб, биздаги вазиятга ҳам жуда тўғри ва холис баҳо беради:
“Кўпдан буён қулай фурсат кутиб юрган “эски ғаним”лар ҳам дарров кураш майдонида от сура бошлайдилар. Айниқса, Рашидов ёнида бир муддат ишлаган, кейин эса ўзларининг чиркин қилмишлари туфайли ҳокимиятдан четлатилган ва фақатгина Рашидовнинг муруввати билан хорижга ишга юборилган ва гўёки “хафа қилинган” каслар Москвадан келаётган комиссияларга асосий “маслаҳатчи”ликка ёлланишади. Юзага келган қалтис ва мураккаб шароитда марказнинг босимларига республика раҳбарияти гапни бир жойга қўйиб, Рашидов атрофида бирлашиб қатъият кўрсатганида эди – “ўзбек иши”, “пахта иши” бу қадар урчиб кетмаган, халқ хўрланмаган, қатағонлар кўлами кенгайиб кетмаган бўлар эди”.
Албатта, вақт барча ҳақиқатларни денгиз тўлқини мисол яна юзага қалқитиб чиқаради. Шароф акани қоралашга уринганлар, вафотидан кейин ҳам ёмонотлиқ қилишдан тап тортмаганлар охир-оқибат тақдирнинг қандай азобли куйга тушгани ҳаммамизга аён. Миллат етакчисини халқ қалбидан суғуриб олишга қаратилган чинаришлар саробга айланди. Муаллиф тили билан айтганда, “Рашидовнинг на ўзини, на хотирасини енгиб бўлмаслигини воқеаларнинг кейинги ривожи яққол кўрсатди”.
Чиндан ҳам ўзбек миллатининг ғурури учун курашган Шароф Рашидовнинг характеридаги меҳнаткашлик, тиришқоқлик, ҳалоллик, кенг тафаккур, юксак масъулият ҳисси, халқини бўлган сўнмас муҳаббати ҳақида ҳар қанча фахр билан ёзсак арзийди.
Жалолиддин Сафоев китоб адоғида ўринли ва бугуннинг долзарб саволларини ўртага қўяди – Шароф Рашидов ҳаёти ва тақдири бизга қандай сабоқлар дарагини етказмоқда? Бу сабоқнинг бугунги кунимиз учун ҳам аҳамияти борми?
Албатта бор: “Қиссадан ҳисса шуки, атрофимизда ва дунёда содир бўлаётган воқеалардан хулоса чиқаришимиз ва бу хулосалар ичида эса миллий сиёсатшунослигимизнинг янги авлодини шакллантиришимиз – Ўзбекистон миллий манфаатларининг янги архитектурасида энг асосий ўринлардан бирини эгаллаши лозим. Шароф Рашидов ҳаёти ва тақдиридан англаган ҳақиқтларимиз ҳозирча шу”.
Лазиз Раҳматов,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори