Шавкат Мирзиёев 8 январь куни аҳоли бандлигини ошириш ва тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Расмий статистик маълумотларга кўра, мамлакатда ишсизлар сони 1,3 миллион кишини ташкил этади. Жорий йилда меҳнат бозорига яна 2,4 миллион киши кириб келади.
Бундан ташқари, янги молиявий воситаларни, жумладан, микромолиялашнинг янги тизимини жорий этиш ҳисобига 2 миллион кишини бизнесга жалб қилиш режалаштирилган.
Тақдимотда масъуллар 2024 йилга мўлжалланган янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури бўйича ахборот берди. Давлат раҳбари мазкур дастурни маъқуллаб, уни амалга ошириш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берди.
«Сўнгги йилларда 2,4 миллион аҳоли ўзини ўзи банд қилгани таъкидланиб, энди уларнинг фаолиятини кенгайтириш, босқичма-босқич кичик бизнесга ўтказиш ва бозор топишига кўмаклашиш муҳимлиги айтилди. „Менинг бизнесим“ платформаси, „Бизнесга биринчи қадам“ банк карталари жорий этилиши бунинг учун қулайлик яратади», — дейилади хабарда.
Иқтисодий айланмага киритилмаган ерларни инфратузилмага улаш, лойиҳаларни ишга тушириш учун ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди. «Агрегатор» тизими асосида «100 минг экспортчи деҳқон» дастури жорий қилиниб, бу йил 15 минг гектар ер майдонлари аукционга чиқарилиши белгиланди.
Меҳнат стажига эга бўлмаган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий реестрдаги фуқароларни ишга олган корхоналарга солиқ бўйича енгилликлар қўллаш муҳимлиги таъкидланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига янги иш ўринлари яратиш бўйича қўшимча захира ва имкониятларни аниқлаш вазифаси қўйилди.
Тақдимотда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ва лицензиялаш тартибини соддалаштиришга оид таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Ҳали ҳам тадбиркорлардан тегишли ахборот тизимларида мавжуд маълумотларни қўшимча равишда тақдим қилиш талаб қилинадиган ҳолатлар мавжуд. Шу муносабат билан жорий йилдан бошлаб 34 турдаги ҳисоботлар бекор қилинади. Бунинг натижасида ҳар йили 21 мингдан ортиқ тадбиркорнинг 500 миллион сўм харажати тежалади.
Тадбиркорларга қўйиладиган мажбурий талабларни қисқартириш мақсадида 16 турдаги лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш зарурлиги белгиланди.
Тадбиркорларни соҳадаги янгиликлардан хабардор қилиш, уларнинг таклифларини доимий ўрганиб, статистик ҳисоботларни мақбуллаштириб бориш вазифаси қўйилди.