Таълим муассасаларида айрим маҳсулотлар истеъмоли камайтирилади

Ўзбекистонда мактабгача ва мактаб таълим тизимида соғлом овқатланишни таъминлаш мўлжалланмоқда.  

Бунда, болалар ва ёшлар ўртасида семизликни 30 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.

“Аҳоли саломатлиги-2030” миллий стратегиясининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган амалий тадбирлар режасига кўра, болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талаб ва чекловларни кучайтириш режалаштирилмоқда.

Таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхати тасдиқланади ва уларнинг истеъмоли камайтирилади.

Ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, болалар учун тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар ва гигиена қоидалари бўйича тавсиялар тўплами яратилади.