Олмалиқдаги металл тайёрлаш цехида содир бўлган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги металл тайёрлаш цехида 20 февраль куни вақтинчалик қурилманинг томи қулаб тушиши оқибатида уч киши ҳалок бўлганди. Бош прокуратура матбуот котиби ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

«Олмалиқ шаҳрида содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди», — дейилади хабарда.

Бир неча кундан бери давом этаётган совуқ об-ҳаво, тоғли ҳудудларда кўп қор ёғиши ва қаттиқ шамол туфайли Энтер Энгинеэринг компаниясининг металл тайёрлаш цехидаги (АЗМК-3) вақтинчалик қурилманинг том қисми қулаши натижасида техноген вазият вужудга келган.

Содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида воқеа жойида қурувчи компаниянинг 32 нафар ишчиси (барчаси Ҳиндистон фуқаролари) жабрланган, улардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган, 29 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олгани сабабли шифохонага жойлаштирилган. Жабрланган фуқароларнинг 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган.