2024–2025 йилларда икки миллион аёл бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади 

АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзбекипаксаноати” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Музаффар Муҳаммаджонов давлат раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида пиллачилик тармоғига белгилаб берилган вазифалар юзасидан маълумот берди.

Бу кўрсаткич “лидер агроном аёл” ва улар армияси (136 минг нафар), “хонадонда саноат” (65,1 минг нафар), “Бир уста 10 та шогирд” (8360 нафар) каби янги тизимлар йўлга қўйилиши, мавжуд ва янги саноат корхоналари (34,5 минг нафар), пилла парваришидаги касаначи аёл ва фермер аъзолари (биринчи йилда 884 минг нафар) ҳисобига таъминланади.

Қолаверса, 2024–2025 йилларда умумий қиймати 255 миллион долларлик 142 та лойиҳа амалга оширилиши ва қўшимча 15,2 мингта иш ўринлари яратилиши таъминланади. 2024 йилда етарли уруғ билан таъминлаш мақсадида 5 та саноат уруғи (Бухоро, Наманган, Самарқанд, Андижон, Сирдарё) ишлаб чиқарувчи (йиллик қуввати — 180 минг қути) ва 2 та наслли уруғ заводини ишга тушириш ҳисобига ипак қурти уруғига бўлган эҳтиёжнинг 100 фоиз қопланишига эришилади. 

Серёмғир, тоғолди 20 та туманда кўп мавсумли пилла етиштиришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. 2024 йилда синов тариқасида ушбу туманларда тажриба сифатида 60 гектар ер майдонларига плантация шаклида, 6600 та хонадонлар томорқаларига жами 20 гектар “ўрма” тутзорлар ташкил этилади.