Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги танқидий мақолага муносабат билдирди

19 февраль куни Ogoh.uz сайтида Нукус давлат педагогика институти кафедра доценти, фан доктори Б.Я.Явидовнинг “Ўзбекистон олий таълим муассасалари педагог ходимлари баъзи “псевдо-илмий” журналлар таҳрир ҳайъатига аъзо бўлишда пешқадамлик қилишмоқда. Бу бизга нима беради?” мавзусидаги мақола эълон қилган эдик.

Ушбу мақола юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги муносабат билдирди.


“Кейинги йилларда профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар томонидан илмий тадқиқот натижаларини халқаро илмий омма эътиборига тақдим этиш кўлами оширилиши, “Scopus”, “Web of Science” ва бошқа халқаро нуфузли илмий-техник маълумотлар базаларида индексланувчи журналларда илмий мақолалар сони ортишига эришилди. Шунингдек, халқаро рейтинг ташкилотларининг минтақавий, соҳалар бўйича рўйхатидан республиканинг 10 дан ортиқ олий таълим ташкилоти ўрин эгаллади.


Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1030-сон қарорида илмий, илмий-оммабоп журналлар таҳрир ҳайъати аъзолиги учун: маҳаллий журналларда лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача; хорижий журналларда лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланиши ва бунда мазкур талаб асосида умумий қўшимча ҳақ лавозим маошига нисбатан бир ойда 30 фоиздан ошмаслиги лозимлиги белгиланган. Қўшимча ҳақни белгилаш мазкур талаб асосида тегишли олий таълим ёки илмий ташкилот томонидан кўриб чиқилади. Агар мазкур талаб юзасидан тақдим этилган ҳужжатлар “псево-илмий” журналларга тегишли бўлган тақдирда ҳужжатлар қабул қилинмайди.


Шу билан бирга, тан олиш керакки, “глобализация” даврида Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали ахборотларни тарқатиш, қабул қилиш, реклама фаолияти имкониятлари кескин ортиши жамият тараққиётига хизмат қилиши, афсуски “нопок” кимсалар томонидан тадбиркорлик мақсадларида ҳам фойдаланилмоқда. Бу ҳолат аксарият ҳолатларда, “псевдо-илмий” журналларнинг кенг оммалашишига олиб келмоқда.


Ўз навбатида, қарордан кўрсатилган бандни чиқариб ташлаш мазкур “қора” рўйхатдаги журналлар фаолиятини чеклаш учун ечим бўла олмайди.


Ҳозирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан мазкур йўналишда “Elsevier” компанияси эксперт-мутахассислари билан ҳамкорликда, республика олий таълим, илмий ташкилотлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари учун халқаро илмий журналларда мақола нашр этиш малака ва кўникмаларини ошириш, жумладан “қора” рўйхатдаги “псевдо-илмий” журналларни фарқлаш бўйича мунтазам услубий семинарлар ташкил этилмоқда.” – дейилади вазирликнинг расмий муносабатида.