Энди “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳалар иш сифати бўйича розилик олинганидан кейин фойдаланишга қабул қилинади

“Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳалар 2024 йил 1 апрелдан бошлаб ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилинади. Бу ҳақда президентнинг “Ўзбекистон – 2030 стратегиясини Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида келтирилган.

Фармонда қайд этилишича, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2024 йил якунига қадар эҳтиёждан келиб чиқиб, вилоятлар марказлари, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарларида камида биттадан оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилинади.

2024 йил 1 августга қадар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олиш, маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш ҳамда лойиҳалар амалга оширилишини жамоатчилик томонидан мониторинг қилиш имконияти яратилади.