2023 йилда энг қиммат авторақам қанчага сотилди?

Ўзбекистонда 2023 йилда онлайн-аукционлар орқали 87 мингдан зиёд авторақамлар сотилган. Бу ҳақда Республика товар-хомашё биржаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, сотилган автомобиль рақамларининг жами қиймати 396,1 миллиард сўмни ташкил этган. Булар орасидаги энг қиммат ва “чиройли” авторақам юридик шахсга 450 миллион сўмга сотилган.

Аукциондаги иккинчи қиммат рақам эса 439,56 миллион сўмга сотилган. Унинг харидори ҳам юридик шахс бўлган. Энг қиммат бешлик жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган 399,6 миллион, 395 миллион ҳамда 378,18 миллион сўмлик автомобиль рақамлари билан якунланган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 29 январидан 4 февралигача ўзбекистонликлар авторақамлар учун аукцион орқали 18,8 млрд сўм сарфлаган.

Маълумот учун, 2022 йилда онлайн аукционда 50 777 ZZ автомобиль рақами 669,6 млн сўмга сотилган.