Путин МДҲ мамлакатларида рус тилини тарғиб қилишни кучайтиришни буюрди

Россия президенти Владимир Путин 29 февраль куни Федерал Мажлисга қилган мурожаатида хорижда рус тилини тарғиб қилишни кучайтиришни буюрди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.

Путин ҳукуматга рус тили ва Россия маданиятини тарғиб қилиш соҳасидаги дастурларни молиялаштиришни кўпайтириш бўйича топшириқ берди.

“Ҳукуматдан рус тили ва кўпмиллатли маданиятимизни тарғиб қилиш соҳасидаги халқаро дастурларни молиялаштиришни кўпайтиришни сўрайман. Биринчи навбатда, албатта, МДҲда ва бутун дунёда”, — деди у.

Шунингдек, у русофобия ҳақида ҳам гапириб, бу бошқа ирқчилик, миллий устунлик каби кишини “кўр ва ақлдан маҳрум қилиши”ни айтди.

Россия оммавий ахборот воситаларига кўра, МДҲ мамлакатлари раҳбарлари 2023 йилда тилга кўра камситишларга йўл қўйилмаслигини таъкидлаб, рус тилини тарғиб қилишга ваъда берган. Қўшма баёнотда, шунингдек, интернетнинг рус тилидаги сегментига киришни осонлаштириш қайд этилган.