Гўдакни қачон ва қандай қилиб она сутидан ажратиш мумкин?

Она сути — гўдакнинг соғлом улғайишида бебаҳо озуқа. Унинг таркибида чақалоқларни юқумли хасталиклардан ҳимояловчи иммун таначалар, ҳазм жараёнини яхшиловчи ферментлар ҳамда бошқа кўплаб фойдали элементлар мавжуд.

Аммо бари бир эртами-кеч эмизикли аёллар болакайни она сутидан ажратиш билан тўқнаш келади. Баъзи кичкинтойлар бу даврдан осон ўтсалар, айримларда эса ўрганган одатидан воз кечиш бироз қийин кечади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, болани 6 ойгача кўкрак сути билан парваришлаш шарт. Агар гўдак 2 ёшгача эмизилса, у турли касалликлардан ҳимояланади.

Бундай болаларнинг жисмоний ва ақлий салоҳияти яхши ривожланади. Шу билан бирга, иммунитети мустаҳкам бўлиб, уларнинг қандли диабет, лейкоз, меъда фаолияти билан боғлиқ турли хил касалликларга чалиниш хавфи нисбатан камаяди.

Афсуски, баъзи аёллар 1 ёшдан ўтгандан кейин болани эмизиш бефойда деб ўйлайди. Ваҳоланки, айнан 1 ва 2 ёш оралиғида кичкинтой организми учун она сути жуда зарур. Шу сабабдан ҳар доим уларга бу пайтда ўз фарзандларини кўкрак сути билан озиқлантириши лозимлигини уқтирамиз.

Кичкинтойни кўкракдан ажратиш она ва боланинг ўзаро муносабатларидаги муҳим босқич. Шу боис масалага анча эҳтиёткор ёндашиш лозим.

Мисол учун, унга қўшимча овқат беришни 6-8 ойликдан бошлаб, бу вақтда эмизишлар сонини аста-секин камайтириб бориш, бунинг ўрнига эса оз-оздан қўшимча овқат бериб борилиши мақсадга мувофиқ. Бу эса гўдакни она сутидан ажралишини осонлаштиради.

Шу билан бирга, кичкинтойнинг эътиборини бошқа нарсаларга жалб этиш, у билан кўпроқ жисмоний ва психологик алоқада бўлиш зарур. Кўпи билан икки ҳафта мобайнида сутдан чиқаришга эришиш мумкин.

Гўдак инжиқланиб, эмишни истаса, унга тайёр бўтқа, нимтатир ширин чой ёки мевали шарбатлар бериш тавсия этилади.

Кўпчилик оналар дилбандини яқин қариндошиникига бериб, уни эмизишдан чиқармоқчи бўлади. Бироқ бу унчалик тўғри усул эмас. Аксинча, дилбандининг ёнида бўлиб, кичкинтой ҳаётидаги бу ўзгаришни у билан бирга қарши олиш фарзанднинг келажак ҳаёти учун муҳим.

Энг яхши муддат болани куз ва баҳор фаслида кўрак сутидан ажратиш мумкин. Ёзда эса она сути болакайни турли хил меъда инфекцияларидан ҳимоялайди.