Ўзбекистон ва Саудия Арабистони виза тўғрисидаги битим имзолади

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари дипломатик ва махсус паспорт эгаларини ўзаро қисқа муддатли виза талабларидан озод этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолади.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 15 апрель куни Тошкентга ташриф буюрган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ вазири ўз саҳифасида ёзиб қолдирди.

«Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд ҳазрати олийлари билан кўришганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг қамровли шериклик муносабатларини амалий бойитишга алоҳида эътибор қаратдик.

Мулоқотимиздан минтақавий кун тартиби ва кўп томонлама платформалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам ўрин олди. Дипломатик ва махсус паспорт эгаларини ўзаро қисқа муддатли виза талабларидан озод этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзоладик», — дейилади хабарда.