Тошкентда саноқли яшил боғлар қолган эди. Бироқ улар ҳам аста-секин ташландиқ ҳолга келтирилиб, қайта тиклаш учун инвесторларга бериш баҳонасида бетонланмоқда. Яхшигина “бизнес ўчоғи” бўла оладиган, маблағ оқиб келадиган Cityлар қуриш имкони турганда қайсит тадбиркор яшилликни ўйлайди дейсиз.
Бугун “Дўстлик” боғини ҳам шундай “бизнес план” чангалига олди, у ерда аттракционлар қурилиши режалаштириляпти. Инвесторлар Бобур боғида аттракционлар қўйилишини боғни яшил ҳолатда ушлаб туриш учун сарфланадиган харажат билан деб изоҳлади.
Таъкидланишича, боғларга яна дарахт экиш, яшил фонни кўпайтириш ҳамда тинч ва салқин жой қилишга ҳаракат қилиняпти. Шунингдек, боғда шоу ва концертлар учун амфитеатр қайта тикланади, шахмат майдончаси, йога ва воркаут зонаси, бир нечта болалар майдончалари пайдо бўлади.
Бу қарор ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Бир қанча жамоатчилик фаоллари, журналист ва блогерлар, жумладан Ўзбекистон Экологик партияси ҳам ҳолатга ўз муносабатини билдириб, боғ аҳоли ихтиёрида қолиши кераклигини таъкидлади. Нима деб ўйлайсиз, шаҳар ҳокими бу каби муносабатларни назар-писанд этармикан?
“Дўстлик” боғида биронта дарахт кесилиши мумкин эмас
“Дўстлик” боғида биронта дарахт кесилиши мумкин эмас, дея муносабат билдирди Ўзбекистон Экологик партияси.
“Қонунчилигимиз талабига кўра шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши керак.
Шуларни инобатга олган ҳолда мутасаддилар мазкур боғдаги дарахт ва яшилликни сақлаб қолишлари, атрационлар ўрнатилмаслиги ва боғни реконструкция қилиш лойиҳасини жамоатчиликка тақдимот қилишлари лозим.
Ўзбекистон Экологик партияси ҳар қандай қурилиш ва реконструкция ишлари атроф-муҳитга ва дарахтларга зарар етказмаслик, яшил ҳудудлар камайишига йўл қўймаслик ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши лозим, деб ҳисоблайди ҳамда фуқароларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўровини юборади”, — дейилади хабарда.
Битта шаҳарга битта Magic City етади
“Дўстлик” боғи инвесторга эмас, халққа берилиши керак, — деб ёзмоқда журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.
“Битта шаҳарга битта Magic City етади — агар у Миллий боғ ўрнида қурилган бўлса, унда бутун мамлакатга биттаси ҳам етиб ортади. Тошкент ичида аттракционли-кўнгилочар парклар қуриш, мавжуд паркларни савдо мажмуасисифат маконларга айлантириш амалиётини тўхтатиш шарт. Шаҳар бетартиб қурилишлар, тартибсиз реклама, умуман, тартибсизлик ва шовқиндан ёрилай деяпти. Бундай шаҳарда яшовчи одамлар учун сокин маконлар – ҳаётий зарурат.
Давлат олдида “Дўстлик” паркини инвесторга бериш ва бермасликдан ташқари учинчи йўл – уни худди Экопарк каби аттракционларсиз, Япон боғи каби шовқин-суронсиз, сокин хиёбонга, эҳтимол, улардан-да яхшироқ жамоат маконига айлантириш имкони бор. Кўз-кўз қиларли хизмат кўрсатганларга мошинаю уй совға қилишга қурби етадиган давлат ўзининг халқ хизматкори функциясини эслаб, миллатга камтарона хизмат кўрсатаётганларга мошина ёки уй эмас, ҳеч бўлмаса парк совға қилиши шарт.
Серхаражат давлат аппаратимизга “Дўстлик” боғини инвесторсиз, аттракционларсиз, шовқин-суронсиз сақлаш кўп ҳам қимматга тушмаса керак, буни ҳисоблаб чиқиш ҳам унчалик мураккаб эмасдир. Ҳукумат қароргоҳи, эски Сенат, Мустақиллик майдони атрофидаги яшил ҳудуд (мисоли парк)ни сақлаш шу бугунда қанчага тушяпти? Шундан ортиқ харажат бўлмаса керак. Бор-йўқлиги билинмайдиган икки-уч давлат органи чин кўнгилдан қисқартирилса ё тугатилса, паркка пул топилади.
Амалдор бўлмаган одамлар ҳам парклар ичида ишлагиси, ҳеч йўғи вақти-вақти билан дам олгиси келади. “Дўстлик” боғи инвесторга эмас, халққа берилиши керак”.
Аттракцион қурса, марҳамат, шаҳар ташқарисида қураверсин
Ғафур Ғулом паркини аттракционга айлантиришгани етмагандек, мана шу ўраб олинган жойларга ҳам яна аттркацион қуришмоқчи, деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.
“Худди шу иш бошқа парклардаям бўлади. Агар сукунат давом этса…
Паркларни халқдан ўғирлаганлар, тижоратга айлантирганлар жазоланиши керак. Фарқи йўқ у Миллий боғми ёки Ғафур Ғуломми.
Аттракцион қурса, марҳамат, шаҳардан ташқарида қураверсин”.