Афғонистонда масжидда намозхонлар отиб ташланди

Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида 29 апрель куни қуролланган номаълум шахслар масжиддаги одамларга ҳужум қилди. Бу ҳақда Zamon.uz ёзмоқда.

Маълум қилинишича, ҳодиса Ғузра туманидаги “Шаҳрак Муҳаммадий” масжидида содир бўлган. Мотоциклдаги қуролланган шахслар Калашников автомати билан одамларни ўққа тутган. Ҳодиса оқибатида олти киши, жумладан, тўрт эркак, бир аёл ва бола ҳалок бўлган. Маълумотни “Толибон” ички ишлар вазирлиги расмийси тасдиқлади.

Қурбонлар орасида “Имом Замон” номи билан машҳур бўлган масжид имоми Шайх Жавед ҳам борлиги айтилмоқда. 

Қуролланган шахслар воқеа жойидан яширинган. Отишмада яраланган аёллар ва болалар борлиги айтилмоқда. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Ғузра туманида асосан ҳазорийлар истиқомат қилади ва ҳудуд бир неча бор ИШИД жангарилари томонидан ҳужумга учраган.