Экология вазири маслаҳатчиси экология инспекторлари қурол ишлатишлари учун рухсат бериш кераклиги талаби билан чиқди

Шу йилнинг 29 апрель куни Тошкент вилояти Экология бошқармаси Сирдарё сув ҳавзаси шўбаси инспекторлари Сирдарё дарёсида браконьерлар ҳужумига учраган.

Маълум бўлишича, инспекторлар Сирдарё дарёсининг Оққўрғон туманидан оқиб ўтувчи ҳудудида номаълум шахслар тақиқланган қуроллар ёрдамида балиқ овланаётганига дуч келишган.

Сирдарё сув ҳавзаси шўбаси бошлиғи Д.Зохидов ва бош давлат инспектори Т.Бўриев ҳуқуқбузарликка чек қўйиш мақсадида ноқонуний балиқ овлаётган фуқароларни ёнига қайиқ билан боради. Шу пайтда ҳуқуқбузарлар инспекторларга ҳужум қилиб, сувга итариб юбориб, сувга чўктириш мақсадида резина қайиқни ёришади.

Инспекторлар қийинчилик билан дарё қирғоғига сузиб чиқишган. Ҳуқуқбузарлар эса ов қуролларини олиб, ҳодиса жойидан қочиб кетишган.

Қуролланган браконъерларга қарши курашишда ҳеч қандай қурол ва ҳимоя воситаларига эга бўлмаган экология инспекторлари билан боғлиқ бундай салбий ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили Бекободда бир нафар экология инспектори пичоқланган, Қорақалпоғистонда эса чўлда қурол ёрдамида отилган эди. Ҳар икки ҳолатда ҳам инспекторлар омон қолишган.

Биз ваколатли идоралар экология инспекторлари қуролли браконъерларга қарши туришда ҳеч бўлмаса минимал ҳимоя воситалари билан таъминлашларига тезроқ рухсат беришларини сўраймиз. Акс ҳолда табиат ҳимоячиларининг ҳаёти хавф остида қолаверади.