“Шошмай турсанг ўзим сенга уйланардим!”: Ўқувчи қизга шилқимлик қилган ўқитувчи қамалди

Самарқандда ўқувчи қизга шилқимлик қилган ўқитувчи атига 3 суткага қамалди

Қайд этилишича, 1997 йилда туғилган йигит 24 январь куни соат 11:30 ларда ўзи ишлаб келаётган Ургут туманидаги мактабда дарс ўтиш жараёнида шу мактабнинг 11-синфида ўқувчи қизнинг шаъни ва қадр қимматини таҳқирлайдиган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатлар билан ҳақоратомуз шилқимлик қилгани аниқланиб, маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Суд мажлисида жабрланувчи қизнинг кўрсатувига кўра, ўқитувчиси Ш. М. уларни синфига дарс ўтиш жараёнида, «сен турмуш чиқяпсанми, бироз шошмай турсанг ўзим сенга уйланардим» деб айтган. Эртаси куни Ш. М. дарс жараёнида унга «нега хомуш ўтирибсан, ҳеч бўлмаса мен учун хурсанд бўлиб ўтир» деб айтган. Кейин ўқувчиларни дафтарларини текшириш жараёнида у дафтари уйда қолиб кетганини айтганида, уни доскага чиқариб синфдошларининг кўз ўнгидан эгнидаги кийимини айлантириб кўрсатишни талаб қилган. Лекин қиз уни айтганини қилмаган ва унга қарши бирон сўз айта олмаган. Қиз уйга бориб бўлган воқеани ота-онасига айтиб берган. Судда қиз Ш.М.ни кечирмаслиги, синфдошлари олдида уни шарманда қилгани сабабли қонуний чора кўришни сўради.

Суд мажлисида сўралган ҳуқуқбузар Ш. М. ўз кўрсатувига кўра, айбига қисман иқрорлик билдирган. У ҳақиқатдан ҳам ўша куни соат 11:30 ларда ҳар доимгидек 11 синф ўқувчиларга дарс ўтиш жараёнида ўқувчиларга топшириқ бериб ташқарига чиқиб, бироздан сўнг синфхонага қайтиб кирганида, қиз ва унинг уч нафар дугонаси бир жойга тўпланиб олиб, баланд овозда турмушга чиқаётганини айтиб, бир бирини кийимлари ва бўлажак турмуш ўртоқлари ҳақида гаплашиб ўтирганини кўрган.

Уларга танбеҳ бериш мақсадида тўрталасини ҳам доскага чиқариб, «ҳали шошилмасанглар эрга ҳам тегасанлар, шунақа кийимлар киясанлар» деб уларни ҳар бирига эгнидаги кўйлагини айланиб кўрсатишни айтган, лекин битта қиздан ташқари ҳеч ким айланмаган. Эртаси куни қизни дарс вақтида хомуш ўтирганини кўриб, ундан нима сабабдан хомушлигини сўраб, ҳазиллашиб, «хафа бўлма, яхши ўқисанг мендай куёв чиқиши мумкин» деб айтган.

Айбланувчи шу вақтда ҳеч кимга шаҳвоний шилқимлик қилмагани, фақат ўқувчисига танбеҳ бергани, ҳозирги кунда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини инобатга олиб қонуний енгиллик беришни сўради.

Cуд Ш. М.ни айбдор деб топиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 3 сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинлади.

Ҳуқуқбузар Ш. М. қабул қилиш муассасаси фойдасига маъмурий қамоқнинг ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи, яъни 51 минг сўмдан 3 сутка учун жами 153 минг сўм қамоқ харажатлари ундирилиши белгиланди.