Реновация нима?  Энди мамлакатнинг барча ҳудудида уй-жойларни реновация қилиш бошланади

Мамлакатдаги ҳар бир ҳудудда тажриба-синов тариқасида биттадан реновация лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 30 апрелдаги қарорида кўзда тутилган.

Мисол тариқасида реновация лойиҳаси бошланган Шайхонтоҳур туманидаги Олим Хўжаев маҳалласини (Оқтепа массиви) келтириш мумкин. Хабар қилинишича, хитойлик инвесторлар 1960 йилларда қурилган 568 та хонадонли икки қаватли уйлар ўрнида 3200 та хонадонли кўп қаватли уйлар қурмоқчи.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ободонлаштириш лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудларни танлаб олиши ва манзилли дастурни тасдиқлаши белгиланган.

Февраль ойининг охирида пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов Тошкентда 500 гектардан ортиқ майдондаги уй-жойлар реновация дастурига киритилганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, гап «талабга жавоб бермайдиган, кўп йиллар олдин қурилган икки қаватли бинолар ва вақтинча қурилиб кетган уйлар» ҳақида кетмоқда.

Реновация нима?  Масалан айтайлик, аҳоли уйи эски бўлса-да, ўз маҳалласидан четга чиқиб кетишни истамайди. Шунинг учун унинг уйи ёнидан кўпқаватли уй қурилади. Ҳамма шароити бор уйга шу маҳалланинг ўзидаги аҳоли кўчиб ўтади. Реновация дастури шундай амалга оширилади.