Йил бошидан буён Ўзбекистонга 115 минг меҳнат муҳожири қайтди

Президент меҳнат миграциясидан қайтганларни иш билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди. Йил охиригача 300 минг нафаргача одам ўз ватанига қайтади
Йил бошидан буён Ўзбекистонга 115 минг меҳнат муҳожири қайтди. Йил охиригача яна 250-300 минг киши қайтиши кутилмоқда.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, бугун бандлик масалаларига бағишланган йиғилишда Шавкат Мирзиёев меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш муҳимлигини таъкидлади.

Президентимиз аҳоли бандлиги ва даромадлари масаласи энг муҳим масала эканини яна бир бор таъкидлаб, барча даражадаги раҳбарларни бу масалада сустликка йўл қўймаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Давлат раҳбари мутасаддилар олдига миграция масалалари бўйича ягона ахборот платформасини яратиш, уни “Маҳалла еттилик” тизими билан интеграциялаш, хорижда ишлаб, оғир аҳволга тушиб қолган ватандошларга ёрдам бериш вазифасини қўйди. Шунингдек, қайтиб келган фуқароларни ишга жойлаштиришни буюрди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини тасдиқлаган эди. Хорижга ишлаш учун уюшган ҳолда кетаётганларга имтиҳон, виза ва чипталар учун 3,4 миллион сўмгача компенсация тўланиши мумкин.