Қашқадарёда божхона ходимлари тадбиркордан 69,5 миллион талаб қилди

Бизнес-омбудсман девонига Қарши шаҳрида рўйхатдан ўтган “Сардор” (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси ўзига нисбатан божхона органи томонидан салкам 70 миллион сўм қўшимча божхона тўлови тўлаш талаб қилаётгани, бунинг устига жарима ҳам ундирилиши белгиланганидан норози бўлиб мурожаат қилган.

Божхона тўлови тўлаш ҳақида талабнома
Аниқланишича, тадбиркор 2022-йилда нефт маҳсулотлари импорти билан шуғулланган ва Ўзбекистонга товар етиб келгандан сўнг божхона тўловларини тўлаб, товарни ички бозорда реализация қилган.

Орадан бир йил ўтгандан сўнг тадбиркордан 69,5 миллион сўм қўшимча божхона тўлови тўлаш ҳақида талабнома юборилади.

Қўшимча айблов ҳам қўйилган
Бундан ташқари, тадбиркор божхона органига тўлов миқдорини камайтириш учун асос бўладиган нотўғри маълумот тақдим қилганликда айбланиб, иш Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига оширилади ва суд томонидан иш бир томонлама кўриб чиқилиб, тадбиркорга МЖтКнинг 227-25-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида жарима қўлланади. Бу қарорни Қашқадарё вилоят суди ҳам ўзгаришсиз қолдиради.

Тадбиркор қўшимча божхона тўлови тўламайди
Бироқ Бизнес-омбудсман девони ходимлари кўмагида киритилган шикоят 2024-йил 7-майда Олий суд томонидан кўриб чиқилиб, жарима қўллаш тўғрисидаги қуйи суд қарорлари бекор қилинди. Тадбиркор манфаати иқтисодий судларда ҳам ҳимоя қилиниб, 69,5 миллион сўм қўшимча божхона тўлови тўланмайдиган бўлди.