Марғилонда йўл четида эркакни пичоқлаб кетишди

Ижтимоий тармоқларда йўлда турган одам пичоқланганлиги ҳақидаги хабар юзасидан Фарғона вилоят ИИБ расмий баёнот берди.

“Жорий йилнинг 21 май куни, 2006 й.т. Марғилон шаҳарда яшовчи фуқаро С.Т. шаҳарнинг Б.Марғилоний кўчасида Янги боғи МФЙ да яшовчи 2000 й.т фуқаро A.A.ni ўткир тиғли жисм билан ўнг орқа ва юз соҳасига уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати етказган. Фуқаро А.А. ҳодиса жойидан қочиб кетиши натижасида, С.Т. жиноий ҳаракатларини охирига етказа олмасдан, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинган.

Шифокорлар томонидан ўз вақтида кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида А.А.нинг ҳаёти сақланиб қолинган” – дейилади хабарда.

Ҳозирда Марғилон шаҳар прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан ЖКнинг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи С.Т. ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.