Тошкентда офтальмологиянинг ютуқ ва муаммолари муҳокама қилинди

Тошкентда «Офтальмологияда инновацион технологиялар» халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Шифокорлар ассоциацияси кўмагида ташкил этилди.

Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси раиси Зулфия Мақсудова халқаро конференциянинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида тиббиётнинг муҳим йўналиши ҳисобланган, замонавий рақамли технологияларнинг ривожланиши ва шунга мос равишда инсон, айниқса, болалар ва ўсмирлар кўзига юкланишнинг кескин ортиши туфайли талаб ортиб бораётган офтальмология соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

Анжуманда мамлакатда офтальмологияни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, шунингдек, 2020 йилда ташкил этилган Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси фаолияти ёритиб берилди. Ассоциация уч йилдан сал кўпроқ вақт давомида ишлашига қарамасдан сезиларли натижаларга эришди.

Хусусан, 500 дан ортиқ мутахассислар иштирокида халқаро вебинар ўтказилди, Американинг машҳур «Лионс Эе Институте» трансплантация маркази билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Давлат органларига маслаҳат ёрдами кўрсатилмоқда, болалар учун профилактика дастурлари амалга оширилмоқда, ҳамда оптометрист ҳамширалар малакасини ошириш ташкил этилди.

Халқаро конференция дастуридан ялпи мажлислар ва секция муҳокамалари ўрин олган бўлиб, уларда офтальмологик ёрдамни ташкил этиш масалалари, глаукома, кўзнинг олдинги сегменти, кўз гавҳари ва орқа сегмент патологиясини даволашда янги технологиялар, шунингдек, офтальмологик диагностикада инновацион ечимлар, шу жумладан рефракция аномалияларини ташхислаш ва даволашда замонавий ёндашув масалалари кўриб чиқилди.

Унда тегишли давлат идоралари, Ўзбекистон давлат ва хусусий клиникаларининг вакиллари, шунингдек, Беларусь, Буюк Британия, Қозоғистон, Италия, Испания, АҚШ, Туркманистон, Швейцария, Россиядан келган офтальмологлар иштирок этди.