Давактив Тошкентдаги International меҳмонхонасини хусусийлаштириш бошланганини эълон қилди. Меҳмонхона «очиқ музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш» усулида сотилиши режалаштирилмоқда. Президент қарорида эса давлат улуши халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланганди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги InterHotel МЧЖдаги (International меҳмонхонаси) 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бошланганини эълон қилди.
Хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида Deloitte компанияси жалб этилган. Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилади.
Савдо жараёни уч босқичда амалга оширилади, жумладан, сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest), Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) ҳамда Мажбуриятга эга бўлан таклиф (BO) босқичлари, якуний босқичда таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов сифатида амалга оширилиши белгиланади.
Меҳмонхона 1997 йилда Тошкентнинг Юнусобод туманида қурилган бўлиб, дастлаб InterContinental компанияси томонидан бошқарилган. У Ўзбекистондаги биринчи беш юлдузли меҳмонхона бўлганди.
2012 йил май ойида 15 йиллик фаолиятдан сўнг меҳмонхона бренди Ўзбекистонни тарк этди ва меҳмонхона International номини олган ҳолда давлат тасарруфига ўтказилди (2022 йилда InterContinental Ўзбекистонга қайтиб, шаҳар марказида янги меҳмонхонани бошқаришни бошлади).
Меҳмонхона 232 та хона, 7 та конференц зал, 2 та ресторан, барлар, ёзги терраса, фитнес клуб ва бассейнни ўз ичига олади. У умумий 3 гектар ер майдонида жойлашган бўлиб, 44 минг 903 квадрат метр майдондаги бино ва иншоотларга эга.
2024 йилда хусусийлаштириш жараёнларида 400 та корхонадаги улуш, 800 та корхонадаги кўчмас мулк ва 2 минг гектар ер майдонларини сотишдан 20 трлн сўм тушум кутилмоқда.