Ижтимоий тармоқларда вилоятликларни ҳақорат қилган қиз видеоси тарқалди. Маълум қилинишича қизга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.
Манбага кўра, Яшнобод туманида яшовчи, 2003 йилда туғилган Р.Н. 2024 йилнинг 2 июн куни танишлари билан Яккасарой туманида жойлашган Seoul Mun дам олиш масканига бориб, ўзини тасвирга олган ҳолда ҳеч бир сабабсиз вилоятликларни ҳақорат қилган. Сўнгра у видеони ўзининг Instagram’даги саҳифасига жойлаштирган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан, Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилган. Р.Н.нинг содир этган хатти-ҳаракатлари юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилган. Шунингдек, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 286-моддаси тартибида қамоққа олиниб, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.