Тошкент вилоятида эркак тез ёрдам шифокорини дўппослади

Жорий йил 1 июнь куни соат тахминан 16:35 атрофида тез тиббий ёрдам хизматига Тошкент вилоятида яшовчи 1998 йилда туғилган фуқаро бош оғриғи шикояти билан қўнғироқ қилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, 4 дақиқадан сўнг чақирув “Янгиобод” пунктидаги энг яқин тез ёрдам бригадасига ўтказилган. Мазкур бригада шифокори ва фельдшери манзилга соат 16:45 да етиб келган. Бемор шифокорга бош оғриғи, безовталик, умумий холсизлик шикоятлари борлигини ва буйрак касаллиги бўйича даволанаётганини айтган.

Шифокор бирламчи текширувдан беморда AQB120/80, Puls 75ta, T-36,6 C аниқланган ва оғриқни қолдириш учун фельдшерга оғриқ қолдирувчи дори воситасини шприцга тортиб тахлашини айтган.

Шу вақтда шифокор беморга қўшимча касалликлари бўйича саволлар бераётган вақтда, бемор шифокорга қараб “САН КИМСАН, ИШИНГНИ ТEЗРОҚ ҚИЛ” дея ҳақоратлаб ўрнидан турган ва тўсатдан шифокорнинг юзига мушт билан урган.

Шифокорнинг лаби ва пастки жағ соҳасидан қон кетишни бошлаган ва бироз вақтга шифокорда карахтлик ҳолати кузатилган. Ҳолат бўйича ҳудуд профилактика инспектори Қ.Тўраевга хабар берилган.

Шифокор Тошкент тиббиёт академиясининг юз-жағ хирургияси бўлимига олиб кетилган. Керакли тиббий ёрдам кўрсатилгач, у ўз вазифасига қайтган. Бироқ шифокорда бир мунча вақт ўтгач, бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, умумий ҳолсизлик кузатила бошланган. Шифокор зудлик билан нейрохирургия бўлимидаги тиббий клиникага ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши ташхиси билан ётқизилган.

Қайд этилишича, шифокор тегишли органларга ариза ёзган тақдирда, шифокорни калтаклаган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилади.