Ўзбекистон апрель ва майда олтин сотишни кескин қисқартирди

Жаҳон олтин кенгаши (Ворлд Голд Соунсил) маълумотларига кўра, Ўзбекистон сўнгги ойларда хорижга олтин сотишни сезиларли даражада камайтирган.


Апрель ойида марказий банкларнинг олтин-валюта захиралари 33 тоннага ошган, февраль ойида бу кўрсаткич 27 тонна эди. Қимматбаҳо металларни харид қилиш ҳажми март ойига нисбатан бирмунча пасайган — 39 тоннадан 36 тоннага, сотиш эса 12 марта — 36 тоннадан 3 тоннага қисқарган.


Асосий харидор 8 тонна билан Туркия бўлган. Кейинги ўринларда Қозоғистон ва Ҳиндистон (ҳар бири 6 тонна). Қимматбаҳо металл сотишнинг сезиларли пасайиши Ўзбекистон ва Иордания ҳисобига юз берган — уларнинг захиралари бор-йўғи 1 тоннага камайган, бу февраль ва март ойларидагидан анча кам. Ўзбекистон шу ойларда 23 тонна олтин сотган.

Май ойида соф харид ҳажми 10 тоннани ташкил этган. Талаб бироз пасайган (23 тонна), сотиш эса кескин ошган (12 тонна). Қимматбаҳо металнинг ушбу ойдаги энг йирик харидори 10 тонна билан Полша бўлган. Ундан кейин Туркия (6 тонна) ва Ҳиндистон (4 тонна) бор. Қозоғистон асосий сотувчи бўлиб, 10 тонна олтин сотган.

Йил бошидан буён Ўзбекистондан соф сотилган олтин ҳажми (сотиш ва сотиб олиш ўртасидаги фарқ) қарийб 15 тоннани ташкил этди, бу Филиппиндан кейинги иккинчи кўрсаткичдир.