Ижтимоий тармоқларда ўзбек юлдузлари томонидан йўловчи поездларда кондиционер тизими ишламаётганлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди.
“Мазкур поезд 12-июл куни “Хива — Андижон” йўналишида ҳаракатланган. Йўл давомида мазкур йўловчи поезд вагонида техник носозлик аниқланган бўлиб, йўловчилар вақтинча бошқа вагонга ўтказилган.
Йўловчилардан совитиш тизими ишламаётган тақдирда вагон кузатувчиларига, агар муаммога ечим топилмаса, поезд бошлиғига мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтамиз. Сўнгги йилларда йўловчи вагонлар босқичма-босқич модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда ва янги вагонлар ҳам харид қилинмоқда.
Юқоридаги ҳолат бўйича тегишли масъул ходимларга кўрсатмалар берилди. Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраймиз” – дейилади “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ хабарида.
Қайд этилишича, мазкур йўловчи вагон 1991-йилда қурилган бўлиб, ўрнатилган тартибда ўз муддатларида техник таъмирлардан ўтказилган.
Ушбу вагонга ўрнатилган совитиш тизими, техник шартларига кўра, ташқи ҳаво ҳарорати +40 даражадан юқорилаб кетганда, тизимнинг совитиш самарадорлиги йўқолади.
Ҳозирги кунларда мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво ҳарорати туфайли айрим вагонларнинг совитиш тизимларида носозликлар кузатилмоқда. Видео лавҳага туширилган поезднинг йўл давомида ҳаво ҳарорати +40 даражадан юқорилаб кетганлиги сабабли совитиш тизимининг компрессор ускунаси ишламай қолган, натижада вагон совитилмаган.
Поезд Тошкент-Жанубий вокзалига етиб келганидан сўнг, унга қўшимча қилиб соз ҳолатдаги вагон уланган ва йўловчилар ушбу вагонга ўтказилган.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ўтган асрларда ишлаб чиқарилган йўловчи вагонларни совитиш тизимлари, ички интерери, электр тизимлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун керакли чораларни кўрган ҳолда, сифатли бўлган техник жиҳозларни ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётганлигини ва вагонлар босқичма-босқич модернизация қилинаётганлигини, охирги 1 йил давомида замонавий талабларга мос бўлган 27 та йўловчи вагонлар харид қилинганлигини маълум қилади.