Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 20 июндаги ПҚ-197-сон қарори ижроси юзасидан тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш орқали улар томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси негизида тиббий фаолиятни лицензиялаш ва нодавлат тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш функцияларини амалга оширувчи давлат муассасаси шаклидаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази ташкил этилган эди.
Мазкур қарор билан ушбу Марказнинг асосий вазифалари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат:
тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялашни таъминлаш;
тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялашда илғор халқаро тажрибага асосланган талабларни ишлаб чиқиш;
лицензиатларнинг тиббий хизматлар сифати, лицензия талаб ва шартлари назоратини амалга ошириш;
тиббиётнинг нодавлат секторини давлат томонидан қўллаб-кувватлашнинг замонавий механизмларини ҳамда уларни барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;
нодавлат тиббиёт ташкилотларини халқаро тан олинган
аккредитациялашда қатнашиш ва уларни қўллаб-қувватлаш;
халқаро тан олинган аккредитация ташкилотларини жалб қилиш орқали маҳаллий тиббий хизматлар сифатини ошириш ва “хавфсиз тиббиёт” стандартларини жорий қилиш;
тиббиёт ташкилотларини аккредитациялашнинг миллий тизимини жорий этиш.
Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари:
пулли хизматлар
кўрсатишдан тушадиган даромадлар;
халқаро ва хорижий ҳукумат, халқаро молия ташкилотлари ва бошқа донорларнинг грантлари;
Марказнинг вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлардан иборат бўлади.