Қашқадарё вилояти, Ғузор туманидаги 61-мактаб директори У. Х. мактаб ёнидан ер майдонини аукцион орқали ютиб олиб, қурилиш ишларини амалга оширган. Ушбу қурилиш ишларига эса директор мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчи ва ўқувчиларини мажбуран жалб қилиб келган. Бу ҳақда Расул Кушербаев ўзининг телеграм каналида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, директор ушбу қурилишлар учун мактаб ўқитувчиларига «1 октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан мукофот пули ёздириб, сўнг маблағнинг бир қисмини ўзига талаб қилиб олган.
Ҳолат юзасидан эса мактаб директорига БҲМнинг беш баравари, яъни 1.700.000 сўм жарима жазоси тайинлаган ҳолос.
«Мажбурий меҳнат ва бошқа қонунбузарликлар аниқ кўриниб турган мазкур ҳолатда унга нега бошқа (енгил) моддалар қўйилгани тушунарсиз. Ачинарлиси, ўқитувчи ва ўқувчиларни феодал замондаги каби ўз қулидек муносабат қиладиган мактаб директорининг орамизда борлиги таълимдаги фожиаларимиздан бири бўлса керак. Кадрлар танловида хато қилишда давом этаяпмиз. «, дея қўшимча қилади депутат ўз постида.