«Цефтриаксон» дорисида ўлим хавфи борлиги ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда фуқарода «Цефтриаксон»-БХФЗ» дори воситасини қўллаш натижасида ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи фуқаро А.Х. ўзида 3 кун давомида иситма, ҳолсизлик кузатилгандан сўнг, уй шароитида даволаниш мақсадида шифокор тавсиясисиз, ўзбошимчалик билан «Цефтриаксон» ва «Лидокаин дори воситалари аралашмасини онаси ёрдамида мушак орасига қабул қилади. Орадан чамаси 10 дақиқа ўтгач, беморда бадан қақшаши, кучли ҳолсизлик, нафас сиқиши ва қон босимининг меъёридан ошиб кетиши кузатилади.

Шундан сўнг фуқаро «Тез ёрдам» машинасида дислокация бўйича дастлаб И.Эргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонаси, кейин эса ихтисослашган ёрдам кўрсатиш мақсадида Ибн Сино номли 1-сон шаҳар клиник шифохонасига олиб келиниб, стандарт бўйича даво чоралари қўлланилади.

Бажарилган муолажалар натижасида беморда тошмалар, иситма, ҳолсизлик каби симптомлар бартараф этилиб, фуқаронинг аҳволи яхшилангандан кейин уйига жавоб берилади.

Дастлабки ўрганишлар беморда кузатилган ножўя реакция мазкур дори воситасининг сифати билан боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда.

«Ушбу препарат қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда лаборатор текширувлар натижасида сертификатлаштирилиб, тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат этилган. Шунга қарамасдан, бемордан қабул қилиб олинган препаратлар айни дамда Марказ лабораторияларида қайта текширувдан ўтказилмоқда»,- дейилади хабарда.