Президент Туркия ташқи ва ички ишлар вазирлари ҳамда разведка хизмати раҳбарини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан, ички ишлар вазири Али Ерликая ва Миллий разведка хизмати директори Иброҳим Қалиндан иборат делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Учрашув аввалида меҳмонлар Ўзбекистон раҳбарига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг саломини етказди.

Муҳокама давомида Шавкат Мирзиёевнинг 6−7 июнь кунлари Туркияга қилган расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар икки давлат вазирлари ва идоралари раҳбарлари ўтказган қўшма учрашув натижалари юқори баҳолади. Қабул қилинган «йўл харитаси»га мувофиқ мунтазам ва тизимли алоқаларни давом эттириш, бундай музокаралар формати ва кун тартибини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

президент, туркия, ҳакан фидан

Учрашувда сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама этилди. Хавфсизликка замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар доирасидаги шерикликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.