Иш ҳақи ва нафақа пулларининг 8,4 миллиард сўми талон-торож қилинди

Жамиятда қонунийликни таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларга қарши курашиш борасида прокуратура органлари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов бу ҳақда маълумот берди.

Хусусан, 412 нафар ишчи — хизматчиларнинг кечиктирилган 3,1 миллиард сўм иш ҳақи ундириб берилди. Иш ҳақи ва нафақа пулларининг 8,4 миллиард сўми талон-торож қилингани аниқланиб, 76 жиноят иши қўзғатилди.

Тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлар ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга доир вазифалар ижросига эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилнинг 11 ойида тадбиркорлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг 28 минг 570 нафарига “тез ёрдам” тамойили асосида амалий ёрдам кўрсатилди.

Шундан 7 минг 28 нафар тадбиркорга 817 миллиард сўмлик кредит, 499 нафарига ер майдони, 140 нафарига бино ажратилиши, 1 минг 302 нафарига рухсатнома ва лицензия берилиши, 9 минг 899 нафарини муҳандислик тизимига уланишида амалий кўмак берилди.

Натижада фаолият кўрсатмаётган 7 минг 836 тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланиши ҳисобига 10 мингдан ортиқ иш ўрни йўқотилишининг олди олинди. Шунингдек, 7 минг 897 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 18 минг 565 янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Шу билан бирга, 21 минг 980 ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсиқлар аниқланиб, бартараф этилди. 15 минг 436 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Хорижий инвесторлар фаолиятида юзага келган 3 минг 231 муаммо ижобий ҳал этилди.

Кредит маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш, муаммога айланган кредит қарздорликларининг қайтарилишини таъминлаш ишлари устидан назорат янада кучайтирилди. Ўтказилган назорат тадбирларида кредит маблағларининг 2,6 триллион сўми талон — торож қилингани аниқланиб, банк ва мижоз корхоналар раҳбарларига нисбатан 912 жиноят иши қўзғатилди.

Амалга оширилган тадбирлар натижасида жорий йил ноябрь ойининг ўзида 7,8 триллион сўмлик муаммоли кредитлар қисқартирилди.

2024 йилги инвестиция дастури асосида қурилиш — таъмирлаш ишлари амалга оширилган объектларда қурилиш сифати ва маблағлардан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, 63 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар ва 83 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф этилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди.

Мазкур дастурлар ижроси бўйича олиб борилган назорат тадбирларида қонунни бузган 470 нафар шахс интизомий, 1 минг 899 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, 363 жиноят иши қўзғатилиб, давлатга етказилган 116 миллиард сўм ундирилди.

Хуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашишборасидаги тадбирлар тизимли равишда давом эттирилмоқда. Кўрилган чоралар натижасида 3 минг 287 маҳаллада жиноят қайд этилмади, 4 минг 875 тасида жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва камайишига эришилди.

Тезкор — қидирув соҳасида ҳам назорат кучайтирилиб, ноаниқ шароитларда содир этилган 31 минг 47 жиноят фош этилиши ҳамда қидирувда бўлган 7 минг 995 нафар шахснинг ушланиши таъминланди.

Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговда қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш чоралари доирасида суриштирув ва тергов органларининг 69 минг 810 нафар шахсга нисбатан 56 минг 498 та жиноят иши ўрганилиб, судларга юборилди. Бевосита прокуратура органлари томонидан 13 минг 522 жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ўтказилиб, 12 минг 329 нафар шахсга нисбатан 8 минг 135 жиноят иши судларга юборилди. Жиноят оқибатида етказилган 2,8 триллион сўмлик зарар ундирилди.