Россияда мигрантларни фақат битта иш берувчида ишлашга мажбур қилиш режалаштирилмоқда ва бу ҳақдаги маълумот патентда қайд этилиши керак бўлади. Ушбу ташаббусни Қурилиш вазирлиги илгари сурди, деб хабар беради “Известия” газетаси.
Ўзгаришларни “Россия Федерациясида хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонунга киритиш таклиф қилинмоқда. Янги қоидалар қурилиш соҳасида 2025 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб кучга кириши мумкин. РФ Қурилиш вазирлиги бундай чоралар кадрлар алмашувини камайтириш ва мигрантларни назорат қилишни кучайтиришга ёрдам беради, деб ҳисоблайди.
2024 йилда Россия миграция сиёсати аллақачон кучайтирилган эди. Хорижликлар учун тест нархлари ягона қилиб белгиланди, тижорат тузилмалари имтиҳон тизимидан чиқарилди ва энди тест фақатгина 92 давлат муассасасида ўтказилмоқда. Имтиҳон нархи 2950–5900 рубл миқдорида, яшаш мақсадига қараб белгиланди.
Президент матбуот котиби Дмитрий Песков илгари мигрантлар демографик инқироз шароитида мамлакатнинг динамик ривожланиши учун зарур эканлигини таъкидлаган эди.
Бироқ, минтақавий даражада турли фикрлар билдирилмоқда: масалан, Липецк губернатори Игор Артамонов мигрантлар фақатгина қурилиш каби айрим соҳаларда талабга эга эканини, бошқа соҳаларда, масалан, массаж индустриясида, уларнинг меҳнатини алмаштириш мумкинлигини қайд этди.