Китоб – бу азал-азалдан инсон учун энг яқин дўст, илм-маърифат булоғи, ажиб оламларни кашф этувчи беқиёс хазинадир. У ҳар қайси замонда ҳам ўта муҳим ва ўз қадрини йўкотмайдиган муҳим манба бўлиб, уни ўзгаларга улашиш энг яхши фазилатдир. Глобаллашув замонида фақат угина бизга саодат маёғи, ташқи ёт таъсирлардан мустаҳкам қалқон бўла олади. Фақат у туфайли чин илмга, юксак маърифатга, моддий ва маънавий бойликларга эга бўлишимиз мумкин.
Нархи унчалик қиммат бўлмаган, бир неча саҳифали оддий китоб ҳам ўқувчиларга қанча катта фойда келтириши ҳақиқатдан ажойиб ҳодиса. Китоб – офтоб дейдилар! Ақлу тафаккуримизни чархлайдиган, маънавий дунёмизни бойитадиган, сўз бойлигимизни оширадиган, янада зеҳнли бўлишга ундайдиган китоблар савдоси очиғини айтиш керак, сўнгги йилларда кўнгилдагидек деб бўлмайди.
Бир томондан, тобора фаоллашиб бораётган қўл телефонлари, кучли технологик сакраш сабабли китобларнинг хариди тушиб кетаётган бўлса, иккинчиси, шубҳасиз, уларнинг нархи ўсиб бораётгани (ўртача ҳажмдаги чиройли ишланган китоб тахминан 30-50 минг атрофида) ҳамдир.
Лекин нима бўлганда ҳам ёшлар илмга рағбатли бўлишимиз керак. Масалан, менинг синфимда 32 та ўқувчи ўқийди. Уларнинг деярли барчасида турли русумдаги қўл телефони бор. Улар Телеграм, Инстаграм, Ютуб, Тик-ток каби ижтимоий тармоқларидан ҳар куни жуда кенг фойдаланишмоқда. Бу миқёсни энди, бутун мактаб, бутун шаҳар ва мамлакат миқёсига кўтарсак, албатта, улар сони миллионлардан ошади.
Ваҳоланки, биз шунга мос равишда ҳеч бўлмаса ойида битта янги китоб ёки бадиий адабиёт ўқияпмизми, деган саволга афсуски, ижобий жавоб беришимиз қийин. Агар ҳар бир ўқувчи ҳеч бўлмаганда бир ойда битта қўшимча китоб ўқиганида ҳам (6,5 миллиондан ортиқ ўқувчи) бир йилда салкам 80 миллиондан ортиқ китоблар сотилган бўлар эди…
Маълумотларга кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, республика миқёсида 532 та нашриёт (59 таси давлат, 473 таси нодавлат) давлат рестрига киритилган. Ваҳоланки, улар сони 2019 йилда жами 161 тани ташкил қилар эди. Нашриётлар томонидан сўнгги беш йилда 52,5 минг номдаги 200 миллион нусхадан ортиқ китоблар нашр қилинган.
Улар улушида адабий-бадиий адабиётлар – 24,7 фоиз, илмий, илмий-оммабоп адабиётлар – 29,2 фоиз, болалар адабиёти – 12 фоиз ҳамда бошқа турдаги диний-маърифий ва дарсликлар – 34,1 фоизни ташкил этмоқда. Албатта аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, буни катта рақам деб бўлмайди.
Қувонарли томони, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 20 декабрь куни мамлакатимиздаги фаол тадбиркорлар билан учрашув чоғида нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йилга озод этилиши ҳақида эълон қилганлари китоб сифати ва салмоғи ошишига жуда катта ижобий туртки бериши шубҳасиз.
Бундан ташқари, мактабларда ҳар ўқув йилида вақти-вақти билан ўтказилаётган “Китобсевар миллат” китоб ярмаркаларининг ҳам натижаси катта бўлмоқда. Аммо уларга мунтазамлик тусини бериш мақсадида ота-оналар ойликлари, бобо-бувиларимиз маоши, пенсияси тушадиган кунларга ҳамоҳанг тарзда ойнинг маълум бир санасини “Мактаб китоб ярмаркаси куни” этиб белгилаш ва доимий ўтказиб бориш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Мактабларни тугатиб кетган ва ҳозирда турли яхши жойларда меҳнат фаолиятини юритаётган раҳбар ва мутасадди ходимларнинг ўз мактаблари кутубхоналарига китоблар тақдим этиш амалиётини ҳам кенг оммалаштириш яхши натижа бериши шубҳасиз.
Яқинда Шаҳрисабз шаҳридаги 25 та умумтаълим мактаблари кутубхоналарига ана шундай ҳомийлар томонидан 100 тадан турли янги бадиий адабиётлар тақдим этилди. Барча кутубхоналар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ахборот ресурс базасига уланди ва биз эндиликда 800 минг манбаага эга бўлган ушбу улкан уммондан баҳра олиш имкониятига эга бўлиб турибмиз.
Аслида кутубхоналар билимлар эшигидир, лекин у ўзи томон ҳаракатланувчи ҳар бир йўловчини бахт салтанатига бошловчи эшик ҳамдир. Ота-онамиз олиб берган ва биз ўқувчилар ўзимиз ўқиган сара китобларни ҳам мактаб кутубхонасига туҳфа этиш амалиётини оммалаштирсак уни бойитишга ҳисса қўшамиз.
Мен 2023-2024 ўқув йилларида ўзим ўқиб чиққан 30дан ортиқ китобларни кутубхонага тақдим этдим ва ҳозирда уларни турли синф ўқувчилари қўлида фойдаланилаётганини кўриб, жуда мамнун бўлдим.
Албатта, китоб ўзи нозик маҳсулот. Унга фақат кўпроқ даромад топиш учун сифат ва мазмунга эътибор бермасдан нашр этиш кўпинча кутилган самарани бермаслиги мумкин. Айрим нашриётларда китоб ғояси ва мазмуни, услубий ва имловий хатоларни тўғрилаш масалалари оқсаётгани ҳам маълум. Ҳамонки, қоғоз-савдо харажатлари қимматга тушаётган бир шароитда 532 та нашриётларнинг аксариятида масъул муҳаррир, мусаҳҳиҳ, нашриёт-матбаа маҳсулотларининг асосий ўлчов бирликларига мослигини аниқлашга масъул техник муҳаррир штатлари мавжуд эмаслигини тушуниш қийин эмас.
Ҳамонки, нашриётлар ўзининг алоҳида дўконларини ташкил этишнинг имкони йўқ экан, бозорлар, йирик савдо марказлари ҳамда таълим муассасаларида китоб сотиш учун солиқ тўланмайдиган бепул жойлар ажратилишини йўлга қўйиш ёки вилоят миқёсида барча нашриётларни жалб этган ҳолда КИТОБЛАР ҲАФТАЛИГИни ўтказишни йўлга қўйиш мумкин.
Янаям жиддийроқ ўйлаб, ҳар бир вилоятларда худди Тошкент шаҳридан чиқиш йўлидаги (Қуёшли) йирик КИТОБ БОЗОРЛАРИга ўхшаган алоҳида бозорлар ташкил этилса, нархлар шубҳасиз арзонлашади, болалар ота-оналари билан КИТОБЛАР ЯРМАРКАларига боришининг ўзи китобхонлик маърифати ва ёшлар ўртасида илм тарғиботининг бош илдизи бўлди.
Адашиб қолиш ниҳоятда осон бўлиб қолган, кучли давлатларнинг ақл марказлари томонидан катта таъсир ўтказилаётган бу ахборотлашган оламда китоб энг тўғри йўл кўрсатувчи компас кабидир. Биз жамиятдаги иллат ва камчиликларни билимсиз, ўқимаган ёшлар билан еча олмаймиз.
Шу давлатда яшаётган ҳар биримиз она заминимизни юксалтириш, унинг мушкул муаммоларини ҳал қилиш учун нима қилдим, дея ўзимизга ўзимиз савол қўйишимиз, масъулиятли вазифаларни зиммамизга олишимиз чин миллатпарварлик ишидир.
Камола Ҳасанова,
Шаҳрисабз шаҳри 7-ўрта умумтаълим
мактаби ўқувчиcи