Хоразмда фуқаро ноёб қушни сотмоқчи бўлди

Хоразм вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг хабар беришича, масъуллар билан биргаликда ўтказилган рейд тадбирида Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида яшовчи фуқаро ижтимоий тармоқлар орқали ноёб қуш — Ўзбекистон Қизил китобига киритилган чўл миққий қушини сотаётганида ушланди.

Маълумот учун, чўл миққий қуши Ўзбекистон Қизил китоби ва ИУCН Қизил рўйхатига киритилган кўчманчи тур бўлиб, заифга яқин мақомга эга. Ғарбий Тян-Шан ва Помир-Олойда, Қизилқум тоғларида, Амударё ва Зарафшон дарёлари водийларида тарқалган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92-моддасига асосан маъмурий баённома тузилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари — 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Чўл миққий қуши саломатлигини текшириш учун Хоразм миллий табиат боғига ўтказилди. Керакли муолажалар қўлланилгач, қуш табиатга қўйиб юборилади.