Сифатсиз ичимлик сувига тўланган пуллар қайтарилади

Ховос туманида аҳолига сифатсиз ичимлик суви етказилгани аниқланиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари тикланди.

Рақобат қўмитаси Сирдарё вилояти бошқармаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан ҳамкорликда “СИРДАРЁ СУВ ТАЪМИНОТИ” МЧЖ томонидан Ховос туманида етказиб берилган ичимлик сувининг сифати юзасидан ўрганиш ўтказди.

Тадқиқотлар давомида сув намуналарининг истеъмолга яроқсиз экани аниқланди. 

Натижада, 6 та МФЙда истиқомат қилувчи 1248 та истеъмолчи ҳамда 17 ва 6-сон мактаблар сифатсиз сувдан фойдаланган. Бу ҳолат билан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг бир қатор моддаларига зид хатти-ҳаракатлар содир этилган.

Ҳудудий бошқарма томонидан “СИРДАРЁ СУВ ТАЪМИНОТИ” МЧЖга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. МЧЖ маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилишга мажбур қилиниб, 2 мингдан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди.