Россияга қарши урушда 45 100 га яқин украиналик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, дея маълум қилди Украина президенти Владимир Зеленский.
Зеленский, бундан ташқари, Украина ҳимоячиларининг 390 мингга яқин яраланиш ҳолати қайд этилганини айтди.
Аниқлаштираман: жароҳатлар сони жароҳатланганлар сонидан кўпроқ, чунки ярадор бўлиб, сўнг жанг майдонига қайтиб, яна жароҳатланган одамлар бор, дея тушунтирди у.
Зеленский Россиянинг йўқотишлари сонини ҳам баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Украинага ҳужум пайтида 350 мингга яқин россиялик ҳалок бўлган, яна 600-700 минг киши яраланган.
2024 йилнинг декабрь ойи бошида Украина етакчиси уруш бошланганидан бери 43 минг нафар украиналик аскар ҳалок бўлгани, яна 370 минг нафари эса жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди. У “ярадорларнинг тахминан 50 фоизи сафга қайтиши ва барча жароҳатлар, шу жумладан енгил ҳамда такрорий жароҳатлар қайд этилиши”ни таъкидлади.
Очиқ маълумотлар асосида Украинанинг йўқотишлари ҳақида маълумот тўплайдиган УАЛоссес лойиҳаси 63 минг нафардан ортиқ ҳалок бўлган украиналик ҳарбийлар ҳақида хабар берган.
The Economist ноябрь ойи охирида Украина уруш бошланганидан бери 60 мингдан 100 минг нафаргача аскарини йўқотган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган. Нашр Ғарб разведка хизматлари маълумотлари, АҚШ маъмурияти вакилларининг баёнотлари ва очиқ манбалардан олинган маълумотларга таяниб, яна 400 минг нафарга яқин украиналик аскар сафга қайтишга имкон бермайдиган даражадаги жароҳатлар олганини қайд этган.