2024 йилда 155 та такси агрегатори солиқ тизимига интеграциялашиб, соҳадаги яширин фаолият улуши камайди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Айтиб ўтилишича, ўтган йили жами 320 миллион марта йўловчи ташиш амалга оширилиб, йўловчи ташиш айланиши 5,9 триллион сўмга етди. Тўловларнинг 76,3 фоизи нақдсиз шаклда амалга оширилган.
Бугунги кунда такси агрегаторлари орқали 498 мингга яқин ҳайдовчи фаолият юритмоқда. Уларнинг 57 фоизи 30–50 ёш оралиғида, аёл ҳайдовчилар сони эса 2024 йил давомида 4 баробарга ошиб, 4 124 нафарга етди.
Йил давомида 4,7 минг ҳайдовчи 100 млн сўмдан ортиқ даромад олган бўлса, 23,1 минг ҳайдовчи 50–100 млн сўм, 114,6 минг ҳайдовчи 10–50 млн сўм даромад топган.
Айни пайтда такси агрегаторлари 156,8 миллиард сўм солиқ, шу жумладан 66,2 миллиард сўм ҚҚС тўлаган.