Ота-онаси Россияда ҳибсга олинганидан кейин тўрт нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

Россия Федерацияси ҳудудида қаровсиз қолган тўрт нафар вояга этмаган Ўзбекистон фуқароси ватанига қайтарилди.

“Дунё” агентлигининг ёзишича, ота-оналари Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинганидан кейин болалар қийин аҳволга тушиб қолган. Ота-оналар хорижлик фуқароларни вақтинча сақлаш марказида, Россиядан депортация қилинишини кутишмоқда.

Уларнинг ота-оналари ҳибсга олингани сабабли, болалар вақтинча оила дўстлари қарамоғида қолдирилди. Бу вазиятдан хабар топган Россиядаги ўзбек дипломатлари дарҳол болаларни қидиришга киришган. Болалар турган жойни аниқлаган дипломатлар болаларнинг ўз ватанига тез ва хавфсиз қайтишини таъминлаш учун Россия расмийлари билан яқиндан ҳамкорлик қилди.

Айни дамда болалар Ўзбекистонда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда уларни қариндошлари билан қўшиш ёки келажакдаги ҳомийликни белгилаш чоралари кўрилмоқда. 

Депортацияни кутаётган ота-оналарнинг кейинги тақдирига ойдинлик киритилмоқда. Ота-оналарнинг ҳибсга олиниши сабаблари ва уларни депортация қилиш муддати ҳақидаги тафсилотлар тергов манфаати учун ошкор этилмаяпти.