Европанинг нуфузли Euronews нашрида Ўзбекистон Президентининг эксклюзив интервьюси эълон қилинди.
Унда Давлатимиз раҳбари илк марта Самарқандда бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё-Европа Иттифоқи»нинг тарихий аҳамияти, Марказий Осиё минтақасидаги ижобий динамик ўзгаришлар ва минтақага қизиқишнинг ортиб бориши ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтган.
Шулардан айримлари:
Тарихий нуқтаи назардан Самарқанддан дунё бўлинган эмас, яхлит, бир бутун деб қаралади. Бу ўзига хос ҳодиса — «Самарқанд руҳи»нинг мазмун-моҳияти бўлиб, унинг асосида халқаро ҳамкорликнинг тубдан янги формати барпо этилмоқда.
Марказий Осиё энди тарихнинг бир чеккасида эмас, балки ўзининг стратегик кун тартибини шакллантираётган жадал ривожланаётган минтақага айланмоқда.
Бугунги кунда Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан савдо ва сармоявий алоқаларни изчил ривожлантирмоқда. Охирги етти йилда Марказий Осиё давлатлари билан ЕИ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробарга ошиб, 54 миллиард еврони ташкил қилди. Европа тадбиркорларининг Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари билан савдо ва сармоявий ҳамкорлик имкониятларига қизиқиши ортиб бораётганини кўришдан мамнунмиз. Минтақада кузатилаётган ижобий жараёнлар Марказий Осиёга қизиқиш ортиб, минтақани Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги асосий йўналишларнинг геосиёсий муҳим чорраҳасида жойлашган жаҳон қудрати ва етакчи давлатларининг муҳим ҳамкорига айлантирмоқда. Бу очиқ мулоқотни давом эттириш, барча манфаатдор томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини берувчи “CA Plus” форматларида ўз ифодасини топди.
Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан ёндашуви доимо прагматик ва стратегик жиҳатдан узоқ муддатга йўналтирилган. Бугунги шароитда Афғонистонга пайдо бўлаётган стратегик имкониятлар нуқтаи назаридан қараш керак. Афғонистонни глобал иқтисодий жараёнларга, жумладан, унинг ҳудудида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали интеграцияцлашуви жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан, биз Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Афғонистонга нафақат ҳозирги инқирозларни енгиб ўтишга, балки узоқ муддатли истиқболда ривожланишга ёрдам берадиган ижобий кун тартиби ва ташаббусларни биргаликда илгари суриш учун ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бу босқичдаги асосий вазифа, бизнингча, Афғонистонга таълим соҳасида ёрдам беришни давом эттиришдан иборат. Ишончим комилки, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни қайта тиклаш Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқининг умумий манфаатларига мос келади.