Шифокорлик жудаям катта масъулият, фидойилик талаб қиладиган касб ҳисобланади. Айнан бу касб эгалари ушбу соҳага кириб келишларидан олдин ўзининг инсонийлигини, бурчини намоён этиш каби мақсадлар доирасида»Гиппократ» қасамини ичиши ҳам бежизга эмас. Афсуски, шифокорлик оқ халатига хиёнат қилган, «Гиппократ» қасамини бузган тиббиёт ходимлари орамизда йўқ эмас.
Қашқадарё вилояти Касби тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари 500 минг сўм миқдорда пора олганлиги учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилганлиги эса юқоридаги сўзимиз исботидир. Таъкидланишича, ўринбосар 2021 йилнинг август ойида пора билан ушланган.
Олий суд матбуот хизмати маълумотларига кўра, Э. Бозоров 2017 йил сентябр ойидан Касби тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари ҳамда тумандаги 16 ёшгача бўлган болаларни ногирон деб топиш комиссияси раиси лавозимида ишлаб келган.
У мансабдор шахс бўлгани ҳолда ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тамагирлик йўли билан Касби тумани Назартепа қишлоғида яшовчи М. Ярматованинг 2019 йилда туғилган ўғли С. М. ни ногиронлик нафақасига чиқариб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига эса фуқародан 600 000 сўм миқдорида пул маблағини талаб қилганлиги айтилмоқда.
2021 йил 5 август куни М. Ярматованинг аризаси юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир ўтказилади. «Тадбир чоғида Э. Бозоров ўзининг хизмат хонасида М. Ярматовадан келишилган пул маблағининг 500 000 сўмини олаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган», — дейилади хабарда.
Жиноят ишлари бўйича Китоб туман судининг 2021 йил 20 декабрдаги ҳукмига асосан Э. Бозоров Жиноят кодекси 210-моддаси (пора олиш) 2-қисмининг «в» бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилган.
Нима бўлишидан қатъи назар, жиноят учун жазо муқаррар.
Айбланувчига нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ушбу Кодекснинг 45-моддасига мувофиқ 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо тайинланган.
Аслини олганда Бозоров томонидан олинган пуллар ким учундир арзимаган миқдордаги пул ҳам бўлиши мумкин. Катта дарёлар кичик ирмоқлар бирлашувидан юзага келганидек, кичик жиноятлар катта жиноятлар содир бўлишига замин яратиб бера олади. Хулоса эса ўзингиздан…