Тошкент ҳайвонот боғида она 3 ёшли қизини айиқлар волерига ташлаб юборганлиги билан боғлиқ бўлган жиноят иши юзасидан тергов олиб борилмоқда. Бу ҳақида Бош прокуратура маълум қилди.
Таъкидланишича, иш бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинган аёл 2021 йилнинг июл ойидан буён руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турганлиги маълум бўлган.
Айбланувчининг жиноят содир қилган пайтдаги руҳий ҳолатини аниқлаш юзасидан тергов органи томонидан суд-психиатрия экспертизаси тайинланган.Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фарзандини айиқ ёнига ташлаган онанинг ижтимоий аҳволи, шунингдек, қизалоқ тиббиёт ходимлари назоратида эканлиги ҳақида хабар берган эдик.