Навоийдаги қамоқхонада маҳкум босим ўтказилгани туфайли ўз жонига қасд қилишга урингани айтилмоқда. Ҳолат бўйича маълумот берилди.
Навоий вилоятида жойлашган 36-сон манзил колониясида Лочин исмли ходим маҳкумга тазйиқ ўтказгани ва маҳкумнинг ўзига тан жароҳати етказгани ҳақида ижтимоий тармоқларда видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти мурожаат юзасидан расмий муносабат билдирди.
2022 йилнинг 4 февраль куни Facebook ижтимоий тармоғида Дилдора Боймуродова исмли фойдаланувчи Навоий вилоятидаги 36-сонли манзил колонияда жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкум Умид Жонузоқов ўз жонига қасд қилгани, унга нисбатан колония катта тезкор вакили лавозимида хизмат қилувчи майор Лочин Хидиров томонидан босим ўтказилгани тўғрисида видеомурожаат жойлаган. У ҳатто маҳкумдан пул сўрагани ҳам айтиб ўтилган.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг маълум қилишича, 2022 йил 1 февраль куни соат 12:30 ларда манзил-колония 2-туркум маҳкумлар ётоқхоналарини кўздан кечириш давомида, маҳкум Умид Жонузоқов маҳкумлар учун тақиқланган сенсорли телефон аппаратидан фойдаланиб ўтиргани аниқланган. Ходимлар ундан телефон аппаратини беришни сўраганида, маҳкум фаол қаршилик кўрсатган.
Колония ходимлари Умид Жонузоқовдан тақиқланган сенсорли Оppо русумли телефон аппаратини олиб қўйгач, у ўзининг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи, қонунда белгиланган жазони ижро этиш тартибларига қарши муносабатда бўлган маҳкумлар — О.С., В.М., Т.М., У.В. ҳамда М.Ч.ни чақириб, колония ходимларидан олинган телефон аппаратини қайтариб беришини ноқонуний равишда талаб қилган.
Таъкидланишича, улар колония маъмурий биносига келиб, «Телефонни қайтариб бермасанглар, сенларга муаммо келтириб чиқарамиз, ўзимни ўлдираман», деб ғайриқонуний равишда ўзларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фаол қаршилик кўрсатган.
Шундан сўнг, маҳкум Умид Жонузоқов ўзи билан яширинча сақлаб келаётган маҳкумлар учун тақиқланган ўткир тиғли ошхона пичоғи ва оғиз бўшлиғида сақлаб келаётган лезвия бўлаги билан икки қўли билак ҳамда бўйин соҳасини тилиб, ўзига тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат Навоий махсус прокуратураси томонидан ўрганилиб, воқеа иштирокчиси бўлган ходимлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида Зарафшон шаҳар суди томонидан маҳкум Умид Жонузоқовга жазонинг қолган қисмини ёпиқ турдаги колонияда ўташ белгиланган.
Қайд этилишича, судда маҳкум Умид Жонузоқов колония катта тезкор вакили майор Лочин Хидировга туҳмат қилгани, бошқа маҳкумларнинг ундови билан ўзига тан жароҳати етказганини маълум қилган.