Бир кун мағрур тилшунос соҳилда турган қайиққа миниб нариги қиргоқка ўтмоқчи бўлди. Соҳилда йўловчи кутиб турган қайиқчилардан бирига юзланди. Қайиқ яқинлашди. Олим қайиққа ўтирди. Денгизни томоша қилиб кетаётган олим қайиқчидан сўради:
— Сен ҳеч наҳв (грамматика) ўқиганмисан?
Йўқ мен жоҳил бир қайиқчиман.
Олим:
— Э воҳ, жуда хафа бўлдим. Демак ярим умринг беҳуда ўтибди, дея ачиниб қайиқчига қаради.
Шу вақт довул турди. Кейин денгизнинг ўртасида чайқала бошлади, қайиқчи бутун кучи билан хавфдан қутулиш учун ҳаракат қилди. Бўрон борган сайин кучаяр, қайиқ эса чўкиш арафасида эди. Шу вақт қўрқувдан дир-дир титраётган олимдан қайиқчи сўради:
— Эй, ҳар нарсани билган олим дўстим. Сузишни биласанми?
Йўқ жавобини олган қайиқчи:
— Воҳ, воҳ, сен умрингни беҳуда сарфлабсан. Ҳозир бутун умринг кетди. Чунки бироздан кейин қайиғим чўкади. Яхши билгинки, бу ерда ҳозир наҳв (грамматика) эмас, маҳв илми лозим. Агар маҳв илмини билсанг, қўрқмасдан денгизга сакра деди.
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан