Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Миллий археология маркази ҳамда Маданий мерос агентлиги билан биргаликда олиб борилган текширувлар натижасида, 2015-йилда Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳокимлиги томонидан «Вардонзе қўрғони» тарихий ёдгорлигининг бир қисми, тумандаги фермер хўжаликига бериб юборилганлиги маълум бўлди.
Агентлик матбуот хизмати маълум қилишича, IV-XV асрларга оид ушбу объект давлат муҳофазасида бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сон қарори билан тасдиқланган. моддий маданий мероснинг Кўчмас мулк объектлари миллий Рўйхатида 603-рақам билан моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 28ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни ривожлантириш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038-сон қарорининг 11-бандига кўра, ушбу ёдгорликни Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича 2021-йил 4-октябрда ЮНЕСКОга таклиф киритилган. Буни қарангки бу тадбирларнинг барчаси ёдгорликнинг бегона қўлларга ўтиб бўлганидан сўнг рўй берган.
Бухоро вилояти Шофиркон туманида ташкил қилинган «Тўймурод Холмурод ўғли» фермер хўжалиги томонидан ўзлаштирилган археологик объектга тегишли 1.8 минг квадрат метр майдон даставвал оғир меҳнат қуроллари ёрдамида бузилган, экин экилиб, бир неча йиллар фойдаланилган. Натижада қадимги қалъанинг Рабод қисмининг катта ҳажмдаги майдони йўқ қилинган. Дарахтлар нобуд қилинган ва тарихий топилмалар йўқотилган. Аммо танганинг иккинчи томони бўлганидек, ҳокимликда ҳам анчагина айб бор. Ҳужжатларга кўра 2013-йилда археологик обиданинг умумий майдони 124 гектарни ташкил этган. Бироқ 2015-йилда ҳокимлик томонидан асоссиз сабаблар ва ноқонуний йўллар билан ушбу ҳудуд 76 гектаргача қисқартирилган. Бундан ташқари туман ҳокимияти ерни яйлов сифатида фойдаланиш учун топширган, бироқ фермер бу майдонни экин майдонларига айлантирган.
Текширувлар натижасида объект майдонининг қисқартирилиши давлат манфаатларига 26 млрд 730 млн сўм миқдорда зарар етказилганлиги маълум бўлди. Ҳозирда Бош прокуратура ушбу вазият юзасидан жиноят иши очиб, дастлабки тергов ҳаракатларини амалга ошириш тўгрисида Бухоро вилояти прокуратурасига хабар қилган.
Афсуски бундай ҳолатлар бир ёки икки маротаба кузатилаётганлиги йўқ.
Яна битта шундай ҳолат. Тошкент вилояти Паркент тумани, «Истиқбол» МФЙдаги «Тепа (Култепа)» археологик ёдгорлигига тегишли бўлган 2 гектар майдон 2018-йил 28-сентябрда Паркент тумани ҳокимлиги томонидан қонунга зид равишда ауцион савдо орқали «У.Қ.Б» МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш учун бериб юборилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг аниқлашича, мазкур археология ёдгорлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объэктлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объэктлари миллий рўйхатига киритилган. Давлат мулки ҳисобланган ушбу объэкт Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Ушбу археология иншоотини “У.Қ.Б” МЧЖ раҳбарлари 2020-йилда яна ноқонуний тарзда тадбиркор “У.М.П.” МЧЖга сотиб юборган. Ушбу тадбиркорлик ташкилоти ҳам ўз навбатида, бу объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Мазкур цех учун хом-ашё, яъни тупроқ маҳсулотини етказиб бериш мажбуриятини “У.Қ.Б” МЧЖ ўз зиммасига олган. Тупроқ эса, ушбу археология иншооти ҳудудидан қазиб олинган. Оқибатда, бу археологик обидага катта миқдорда зарар етказган.
Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатдан хабар топган Тошкент вилояти моддий мерос бошқармаси 2020-йилда етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш, мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш, туман ҳокимининг қарори ва олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мутасадди идораларга мурожаат қилган. Шунингдек, тадбиркорлик ташкилотлари раҳбарларига огоҳлантириш хатлари ҳам берилган.
Шунга қарамай ўз фойдасини ўйлаган тадбиркорлар бу ҳаракатни тўхтатмаган.
2021-йил ноябр ойида ушбу ҳудудда илмий тадқиқот ишлари олиб борилди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, мазкур археология обекти эрамизнинг И-ИВ асрларига оид бўлган.
Ўрганишлар давомида олинган дастлабки маълумотларга кўра, “У.М.П.” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан “Тепа (Култепа)” археология ёдгорлиги худудида хом ғишт ишлаб чиқариш ва қазилма ишлари олиб борилиши натижасида маданий мероснинг объэктига 1,5 трлн. сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланди.
Ушбу вазият юзасидан қонуний чора кўрилиши мақсадида агентлик томонидан тўпланган материаллар Бош прокуратурага юборилган. Натижада Тошкент вилояти прокуратураси томонидан «У.М.П» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 132-моддаси 2-қисми, 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказиб келинмоқда.
Рўзматов Йўлдашбой