Ўз жонига қасд қилиш муаммога ечимми?

Сўнгги вақтларда нафақат хориж ўлкаларида, балки Ўзбекистонда ҳам ўзини осиб қўйгани, ёқиб юборгани хусусида хабарлар элас-элас қулоғимизга чалинмоқда. Хусусан Қашқадарё вилоятида яқин бир йил ичида 3 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилди

2021 йил 30 ноябр куни Қаршидаги «Абу Али ибн Сино» номидаги жамоат саломатлиги теҳникуми 2-курс талабаси ётоқхона деразасидан ўзини ташлаб юборган ва воқеа жойда вафот этган. Аниқланишича 2001-йилда туğилган талаба опаси билан ётохонанинг 4-қаватида яшаган. Воқеа куни 5-қават деразасидан сакраб ўз жонига қасд қилган.

Дугоналарининг айтишича табиатан хушчақчақ бўлган марҳума ўша куни барча курсдошлари билан хайрлашгандай тассурот қолдирган. Вафотидан бир неча кун олдин опаси билан келишолмай қолган.

Талаба қизнинг ўлими юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан текширувлар якунланиб, суд-тиббий экспертизаси тайинланган ва вазиятга алоқадор бўлган шахслардан тушунтириш хатлари олинган.

Ўтган йилнинг май ойларида Нишон туманидаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактабнинг 11-синф ўқувчиси М.А (қиз бола) уйининг орқасидаги оғилхонада арқон ёрдамида ўз жонига қасд қилиб, ўлик ҳолатда топилган. Қизнинг нима сабабдан бундай қилгани ҳақида ҳар ким ҳар хил муносабат билдирмоқда. Бироқ сабаб охиригача ойдинлашмади.

Мактаб директори Чори Ражабов ўқувчисининг ўлими ҳақида шундай дейди: «Машъум хабарни эшитиб бошим оғриб қолди. Худди миямни бир чеккаси ишламай қолгандай. Бироз ўтиб ўзимга кела бошладим. Дастлаб хаёлимдан ўтказганим, ўқувчимизнинг уйдагилари унинг бирор-бир илтимосини бажармадимикан, ҳар ҳолда ёш бола-ку, кийим олмоқчи бўлган бўлса, онаси қаршилик қилдимикан дея ўйладим. Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, ўша куни эрталабдан «заказ» учун торт ва пишириқлар пишириб, кимгадир сотган экан. Кийим оламан деса қўлида пули бор. Билмадим нима жин урди экан, ҳали ҳам ўйлаб ўйимга ета олмаяпман»

Марҳуманинг синф раҳбари эса ўқувчиларининг вояга етганлиги ва улар аллақачон мустақил қарор қабул қилишлари ҳақида гапиради: «Битирувчиларнинг ҳар бири 18 ёшда. Мустақил, паспортга эга Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади. Ўзлари қатъий қарор қабул қила олади. Марҳуманинг вафотига сабаб бўлди дея тарқалаётган битирув кечаси ҳақидаги гап-сўзлар ҳақида мен бир неча бор ўқувчиларимга тушунтирганман. Ўтган йили пандемия туфайли битирув кечалари ўтказилмаган. Бу йили ҳам битирув кечасига рухсат берилмаганлигини бир неча кун олдин тушунтирганман»,- дейди Ойравшан Назарова.

Битирув кечаси учун рухсат берилмаганлигини параллел синф раҳбари ҳам тасдиқлайди.

Қизнинг яқин дугонаси эса марҳуманинг аъло баҳоларга ўқиши, синфда ажралиб туриши, технология йўналишига ҳужжат топшириб оқъишга кириш учун ҳаракат қилаётгани ҳақида гапирди.

Мазкур воқеа юзасидан текширув ишлари якунланиб, барча раҳбарларга меҳнат кодексининг тегишли моддалари асосида жазо қўлланган.

Ушбу ҳолатга ўхшаш яна битта ҳолат айнан Нишон туманида 2022 йилнинг 9 март куни содир бўлган.

Маълум бўлишича 21-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Г.Э ҳам уйининг орқа томонидаги дарахтга ўзини осиб, воқеа жойида вафот этган. Марҳуманинг руҳиятида жиддий ўзгаришлар бўлганлиги суидсидга асосий сабаб бўлади.

Туман ИИБ бошлиғи Ш. Шокиров ушбу ҳолат бўйича тергов олди текширув ишлари давом этаётганлиги ҳамда тиббий экспертиза тайинлаганлигини маълум қилади.

Хулоса қилиб айтганда, суицид – ижтимоий касаллик, уни даволаш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси, оила, мактаб, маҳалла, таълим муассасаси, давлат ва жамоат ташкилотларининг уйғунликдаги фаолияти консепсиясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш лозим.

Рўзматов Йўлдашбой