Қашқадарёдаги тиббиёт бирлашмасида 800 млн сўм ўзлаштириб олинди

Қашқадарё вилояти Косон туманида туман тиббиёт бирлашмасининг биносини реконструкция қилишда 787,4 миллион сўм ўзлаштириб олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Косон туман бўлими томонидан ўтказилган текширувда “G.C.» хусусий корхонаси ҳамда Қашқадарё вилояти «Я.Б.Х.» ИК масъул шахслари туман тиббиёт бирлашмаси биносини реконструкция қилишда амалда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини расмий ҳужжатларга қўшиб ёзиш орқали жами 787,4 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.