Хоразмда Халқаро II “Лазги” фестивали старт олди

Хоразмда Халқаро лазги фестивали II старт олди. Бугун Хива шаҳрида фестивалга бағишланган “Хоразм “Лазги” рақси: Маданий дипломатияни ривожлантиришнинг илмий – назарий, маънавий – маърифий тамойиллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференсия бўлиб ўтди. Унда кўплаб давлатлардан хореография бўйича мутахассислар қатнашди.


Конференсияда Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Халқаро Туркий маданияти ташкилоти – “ТУРКСОЙ” Бош котиби Султанбай Раев, Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори Шухрат Махмутович Тўхтасимов, Ўзбекистон давлат хореография академияси, Урганч филиали профессори, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова, Қозоғистон миллий хореография академияси ректори Бибигул Нусипжанова нутқ сўзлади.

Хусусан, Маданият вазири давлатимиз раҳбари ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида “Лазги” энциклопедиясини яратиш режалаштирилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, конференсия давомида Халқаро Туркий Маданият ташкилоти – “ТУРКСОЙ” Бош котиби Султанбай Раев томонидан ўзбек миллий рақс санъатига узоқ йиллар хизмат қилган ва халқимиз эътирофига сазовор бўлган фидойи устозлар Гавҳар Матёқубова, Зиёда Мадраҳимова, Карима Узоқоваларга “ТУРКСОЙ” кўкрак нишони топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил “Лазги” ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганди.

Фестивал 30- апрел санасига қадар давом этади. “Лазги” II халқаро рақс фестивалига дунёнинг 33 давлатидан (Буюк Британия, Франсия, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Беларус, Россия, Туркия, Қирғизистон, Сербия, Бразилия, Корея, Япония, Испания, Миср, Грузия, Ҳиндистон, Украина, Болгария, Қатар, Озарбайжон ва Ўзбекистон давлатлари офлайн ҳамда АҚШ, Австрия, Иордания, Мексика, Гана, Россия, Македония, Эрон, Хитой, Покистон ва Италия давлатларидан онлайн тартибда) 200 дан зиёд истеъдодли раққосалар, профессионал рақс жамоалари, рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонлар қатнашмоқда.