Аввал хабар берганимиздек, кеча, 12 май куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жаулин туманида Ўзбекистон фуқароларини олиб кетаётган автобус ЙТҲга учраб, автобусда 53 нафар йўловчи, жумладан, 47 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Ҳодиса оқибатида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, Қозоғистон Республикасининг Жамбил вилояти Жуалин туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тезкор топшириқларига асосан Ҳукумат қарори билан ФВВ ўринбосари А.Латифжонов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ кеча, 13 май куни соат 18:05 да Жамбул области Жуалин туманининг марказий шифохонасига етиб бориб, Қозоғистоннинг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашди ва ҳамкорлик асосида ташкилий ва амалий ҳаракатлар олиб борилди.
Соат 23:40 да Жуалин туман марказий шифохонасидан йўлга чиқиб, 14 май куни соат 04:55 да Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараси «Ғишткўприк» божхона масканига етиб келди.
Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 2 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзили – Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилди.
Бугун, 14 май куни бахтсиз ҳодиса оқибатида яна бир фуқаро вафот этди. Айни пайтда марҳумни олиб келиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Олиб келинган 23 нафар фуқародан, 18 нафар жароҳатланганлар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилди, 5 нафар фуқаронинг аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилди.
Ҳозирги вақтда марказга жойлаштирилган фуқароларнинг аҳволи шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.