Пойтахт безаги ҳисобланган шоир Саълaбий бир куни ажойиб қасида битиб, кўп сийлов ва инъомлар умидида халифа Мансурнинг қошига борди. Шоир қасидани ўқиган эди, халифага кўп маъқул тушди ва деди:
— Эй Саълабий, сенга бу қасидaнг учун уч минг динор берайми ёки ҳар бири минг динорга арзигулик учта насиҳат қилайми?
Саълабий халифанинг ҳурмати учун учта ҳикматни танлабди.
— Ундай бўлса қулоқ сол, — деди халифа. — Биринчи ҳикмат шуки, агар кийиминг эски бўлса, янги этик киймагин, кўзга хунук кўринади.
Саълабий этагига уриб, фиғон чекди:
— Оҳ, вoй-дод, минг динорим куйди.
Халифа табассум қилиб деди:
— Иккинчи ҳикмат шуки, мабодо соқолингга ёғ суртсанг, жағингнинг остигача суртмагин, чунки ёқaнгни кир қилади.
Во дари-и-ғ, — деб нола қилди Саълабий, — яна минг динорим елга соврилди.
Халифа таббассум қилиб деди:
— Шоиро, сабр қилгилким, учинчи ҳикмат икковидан ҳам яхшироқ.
Саълабий деди:
Эй халифа, Ҳақ таоло ҳурмати, учинчи ҳикматни ўзингизга олиб қўйинг, хазинада турсин, менга қолган минг диноримни беринг.
Менга бу ҳикматларингиздан ўша динорлар минг қатла афзалроқ.
Халифа кулиб юборди ва мулозимларига буюрди:
Беш минг динор зар келтириб, ширинкалом Саълабийни сарфароз этинг.